Делегация правительства Узбекистана посетила Беларусь
Бугун, 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси ушбу тадбирларда кузатувчи мақомида иштирок этиш учун Минск шаҳрига ташриф буюрди.
Дастлаб, Минск шаҳридаги “Улуғ тош” Хитой-Беларус саноат паркида “Евросиё иқтисодий иттифоқининг озиқ-овқат хавфсизлиги” ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Россия Федерацияси ҳукумати раиси, Беларус, Қозоғистон Республикалари Бош вазирлари, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси, Арманистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари иштирок этди ҳамда Озарбайжон Бош вазири фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Тадбирда бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳар бир давлат учун ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётгани, муайян объектив омиллар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш занжирида узилишлар кузатилиб, нархларнинг ошишига олиб келаётгани, глобал иқлим ўзгариши, ер ва сув ресурсларининг қисқариши, кимёвий моддалар ва минерал ўғитлардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш натижасида экин майдонларининг сифати қайтариб бўлмайдиган даражада ёмонлашаётгани таъкидланди.
Минтақа аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, турли чақириқ ва таҳдидларга самарали қарши туриш учун зарур саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқди.
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг амалий натижалари ҳақида қисқача маълумот берилди.
Қайд этилганидек, давлатнинг қишлоқ хўжалигига аралашувидан воз кечилиб, соҳага бозор механизмлари жорий этилди. Пахта ва ғалла етиштиришда давлат монополияси бекор қилинди.
Суғориладиган ерларнинг 30 фоизида, яъни 1 миллион гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. Илгари пахта ва ғалла етиштиришда фойдаланилган 200 минг гектар майдон 700 минг оилага узоқ муддатга берилди.
Ўтган даврда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига 3 миллиард доллардан ортиқ хорижий сармоя жалб этилди.
Натижада озиқ-овқат экинларининг ўртача ҳосилдорлиги ошди, аҳоли даромади кўпайди, замонавий совитқичли омборхоналар ишга туширилиб, ички бозордаги нархнинг мавсумий омилларга боғлиқлиги бартараф этилди.
Ўтган йилнинг охирида мева-сабзавот, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажми 2017 йилга нисбатан қарийб икки баробар ошиб, 2 миллиард долларни ташкил этди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 2030 йилгача ўзида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал қилишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва йўқотишларни камайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспорт ҳажми ҳамда қўшимча қийматни ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш сингари кўплаб масалалар бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.
Келгуси беш йилда қўшимча қийматли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар, экспорт ҳажмини эса 2 баробар ошириш ният қилинган.
Тадбирда Ўзбекистон томони бугунги кунда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан қишлоқ хўжалиги экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқариш, етказиб бериш, “яшил” коридорларни ривожлантириш, илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда қишлоқ хўжалигига инновацияларни жорий этиш йўналишларида икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилганини маълум қилди.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Беларусга ташрифи доирасида “Белагро – 2024” халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси фаолияти билан танишди, шунингдек, “Шон-шараф тепалиги” ёдгорлик мажмуасига гул қўйиш маросимида иштирок этди.