"Қадринг баланд бўлсин, она тилим" республика танлови эълон қилинди

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада ошириш, уни миллий қадрият сифатида тарғиб қилиш ҳамда давлат тилига оид муаммоларни ҳал этиш борасида илмий-амалий ёндашувни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» республика танлови эълон қилинди.
Танлов ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Инновацион ривожланиш вазирлиги.
Танлов учта йўналишда ўтказилмоқда.
Биринчи - “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” йўналишида маҳаллий ижро этувчи туман ва шаҳар ҳокимликлари иштирок этади.
Иккинчи йўналиш - “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” ғолиблари вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари орасидан аниқланади.
Учинчи – “Ўзбек тилини ривожлантиришга қаратилган энг яхши илмий-амалий лойиҳа” йўналишида илмий ташкилотлар, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари қатнашади.
Танлов жорий йилнинг 10 июнидан 10 сентябрига қадар бўлган муддат оралиғида ўтказилмоқда ва ғолиблар 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида эълон қилинади.
Ғолибларнинг давлат тилини ривожлантириш борасидаги тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилади.
Танлов ҳақидаги батафсил маълумотлар билан (71) 215-51-76, (71) 239-86-99, (71) 203-32-32 (232) телефон рақамлари ёки www.til.gov.uz сайтида танишиш мумкин.
Тилимизнинг тақдирига бефарқ бўлманг ва «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» республика танловини ижтимоий тармоқларда #qadribalandonatilim калит сўзи билан оммалаштиринг.