Бухоро халқаро форумида Беларусда ёшларга оид давлат сиёсати тақдим этилди

Беларусь Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши (парламенти) раиси Егор Макаревичнинг 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро форумда иштирокига оид мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Матералда қайд этилишича, Ўзбекистон парламенти ташаббуси билан ташкил этилган халқаро форумда Беларусь ёшлари вакили онлайн шаклда иштирок этди ва нутқ сўзлади. Икки кунлик анжуманда БРМларга эришишда парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. «Беларусь Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар кенгаши (парламенти) раиси Егор Макаревич ўз маърузасида мамлакатда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ёшларга оид давлат сиёсатига алоҳида тўхталди», - деб ёзади нашр.
«Ёшлар кенгаши раисининг айтишича, республикада ёшлар масалалари давлат сиёсатининг устувор таркибий қисми ҳисобланади. Мамлакатда ёшларни қўллаб-қувватлашнинг самарали йўллари мавжуд. Кафолатли биринчи иш ўринлари тизими, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш учун Президент махсус маблағлари жорий этилгани, ёш мутахассислар учун имтиёзли кредитлар ва ёш оилаларга ажратилаётган моддий ёрдам шулар жумласидандир. Яқинда Беларусь Миллий ассамблеяси кенгаши ташаббуси билан ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларни, жумладан, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун кичик грантлар механизми ишга туширилди», - дея таъкидланади мақолада.
«Ёшлар парламенти спикери ўз маърузаси ниҳоясида турли мамлакатларнинг ёшлар парламентаризм органлари ўртасида конструктив ўзаро ҳамкорлик ўрнатишнинг аҳамияти муҳимлигини таъкидлади. Мисол тариқасида Беларусь Миллий мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида ўрнатилган икки томонлама мулоқотга эътибор қаратди».