Сайлов - 2021: Ўзбекистонлик талабалар билан Беларусь олий ўқув юртида бўлиб ўтган учрашув мамлакатимиз Президенти сайловига тайёргарлик мавзусига бағишланди

Тадбир чоғида Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайловларда қатнашаётган бешта сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари, мақсад ва вазифалари, режалаштирилган устувор йўналишлари тўғрисидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Элчихона томонидан ташкил этиладиган сайлов участкаси ва уларда овоз бериш тартиби, янгиланган сайлов қонунчилигига мувофиқ яратилган қулайликлар, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш имкониятлари тўғрисида маълумотлар тақдим этилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилиши муносабати билан сайлов жараёнининг ташкил этилишига оид видеолавҳалар учрашув қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетида таҳсил олаётган халқаро талабалар кенгаши раиси Валижон Раҳматуллаев ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси вакили Аброржон Раҳмонов ҳам сўзга чиқиб, талаба ёшларнинг Ватанга муҳаббати, унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси хусусидаги фикрларини ўртоқлашар экан, тенгқурларини 24 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга даъват этди.
Ўз навбатида, мазкур университетнинг тарбиявий ишлар бўйича проректори Дмитрий Кузнецов ҳамда Беларусь ИИВ ҳудудий бўлинмаси катта инспектори Ирина Жолтикова томонидан бўлажак сиёсий тадбир жараёни хавфсиз ўтиши ҳамда жамоат тартиби сақланиши учун ҳар томонлама кўмак кўрсатилиши маълум қилинди.