ТОШКЕНТ, 25 октябрь. /«Дунё» АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Беларусь Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Беларусь раҳбари Ўзбекистон етакчисини кеча бўлиб ўтган Президент сайловида қозонган ишончли ғалаба билан самимий қутлаб, мўлжалланган режаларни амалга оширишда муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Савдо алоқалари жадал ривожланиб, етакчи корхоналарнинг кооперацияси кенгайиб бораётгани, маданий-гуманитар алмашинув фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Президентлар минтақавий ташкилотлар, жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим эканини таъкидладилар.