Ўзбекистоннинг ЕОИИ доирасидаги ташаббуслари Беларусь ОАВ диққат марказида

МИНСК, 13 декабрь. /«Дунё» АА/. Беларуснинг етакчи “БЕЛТА” ахборот агентлиги порталида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 10 декабрь куни бўлиб ўтган Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Олий кенгаши мажлисидаги нутқига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон мазкур ассоциацияда кузатувчи мақомини олганидан буён ўтган давр мобайнида ЕОИИ билан узоқ муддатли муносабатлар учун мустаҳкам пойдевор яратилди, тизимли ва самарали иш олиб борилди. Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЕОИИ меъёрлари билан яқинлаштириш масалаларида, биринчи навбатда, стандартлаштириш ва ташқи савдони тарифсиз тартибга солиш чораларида изчил олға бормоқда.
Ахборот агентлиги жорий йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 30 фоизга ошгани ҳақида маълумот берган. Шу билан бирга, пандемиядан олдинги 2019 йилга нисбатан иттифоқ мамлакатлари билан савдо айланмаси 11 фоизга ўсган.
“Ўзбекистон Президентининг фикрича, мамлакат ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларнинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш ва барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш тарафдори”, - дейилади агентлик хабарида.
Ўзбекистон Президентининг ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, янги транспорт йўлаклари лойиҳаларини илгари суриш, Евроосиё иқтисодий иттифоқи логистика занжирларини ривожлантиришнинг янги рақамли экотизимини яратиш бўйича ташаббуслари қайд этилган.