BUTB va O‘zbekiston elchixonasi 2023 yilga mo‘ljallangan hamkorlikning ustuvor yo‘nalishlarini belgilab berdi

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида биржа савдоларида икки мамлакат корхоналари иштирокини ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Беларусь универсал товар биржасида Ўзбекистондан 44 компания акредитациядан ўтган бўлиб, 2022 йилда 2,045 миллион АҚШ долларига тенг савдо-сотиқ амалга оширилган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 30 баробардан кўпга ошган.
Александр Осмаловский бугунги кунда Ўзбекистон товар хом-ашё биржаси ва БУТБ ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилганлигини ҳамда Ўзбекистонда биржа савдоларининг ривожига давлат томонидан қаратилаётган эътибор натижасида бугунги кунда МДҲ давлатлари орасида энг юқори натижаларга эришилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини билдирди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмларини янада ошириш мақсадида биржа савдолари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича якдиллик билдирди. Шу ўринда БУТБ раҳбари Беларусь бозорига кириш истагидаги Ўзбекистон корхоналарига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди. У БУТБнинг импорт ўрнини босувчи товарлар савдосини амалга ошириш учун мўлжалланган янги платформаси ташкил қилингани, ушбу электрон савдо-сотиқ майдончасидан фойдаланган ҳолда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Беларусь компанияларига ўз маҳсулотларини етказиб бериш учун қўшимча имконият яратилганини алоҳида таъкидлади.
Александр Осмаловский Ўзбекистон тадбиркорлик субъектлари учун БУТБ имкониятлари, шу жумладан, импорт ўрнини босувчи товарлар платформасидан фойдаланиш бўйича тақдимотлар ўтказиш таклифини билдирди.
Учрашув якунида БУТБ вакиллари икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга боришни режалаштираётганини маълум қилдилар.
БУТБ раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар тафсилотлари Беларусь оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.