O'zbekiston va Belarus o'rtasida diplomatik munosabatlar o'rnatilganining 30 yilligini keng nishonlash doirasida Minskda qator tadbirlar bo'lib o'tdi

Хусусан, 20-24 март мобайнида Беларусда Ўзбекистон адабиёти кунлари ўтказилди ҳамда 22-26 март кунлари Минск шаҳрида бўлиб ўтган XXX Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида мамлакатимиздан ташриф буюрган нуфузли делегация иштирок этди.
Ўзбекистон адабиёти кунлари Беларус Ёзувчилар уюшмасининг Адабиётчилар уйида ташкил қилинган “Ўзбек-Беларус маданий алоқалар” мавзусига бағишланган давра суҳбати билан бошланди. Тадбир якунида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ва Беларус Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.
Ҳафта давомида ўтказилган бир қатор қизғин, қизиқарли ва амалий ижодий учрашув ва кечалар, адабий тадбирлар икки мамлакат адабиёти ва маданияти билан боғлиқ қуйидаги мавзуларни қамраб олди.
21 март:
- Беларус адабиёти тарихи музейида “Дўстлик адабиёт кўприги: Беларус-Ўзбекистон” халқаро анжумани;
- Якуб Колас давлат адабиёт хотира-ёдгорлик музейида “Ўзбекистон Якуб Колас сатрларида” номли адабий-маърифий кеча;
22 март Янка Купала номидаги марказий кутубхонада:
- академик шоир Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллигига бағишланган адабий кеча;
- “Чароўны Узбекiстан” (“Мафтункор Ўзбекистон”) фотокўргазмаси, Ўзбекистонга бағишланган китоб, журналлар намойиши;
- 23 март куни Адабиётчилар уйининг Театрлар залида жами 300 киши иштирокида ўтказилган Алишер Навоий ижодига бағишланган маърифий оммавий тадбир.
Беларусда Ўзбекистон адабиёти кунлари ўтказилиши арафасида “Літаратура і мастацтва” (“Адабиёт ва санъат”) газетасининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони чоп этилди.
Бу йилги XXX Минск халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси “Чегараларсиз китоб олами” шиори остида ўтказилди ва унда 20 дан ортиқ мамлакатдан китоб савдо ва матбаа корхоналари қаторида юртимизнинг “Ўздавкитобсавдотаъминот”, “Ўзбекистон” ва “Саҳҳоф” нашриётлари мутасаддилари ҳам фаол иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан ушбу нуфузли тадбирда мамлакатимизнинг 10 га яқин етакчи нашриётлари томонидан чоп этилган тарихий, илмий, публицистик, адабий-бадиий жанрларга оид 100 дан ортиқ сара китоблар анжуман иштирокчилари ва Беларус китобхонлари эътиборига тақдим этилди. 2023 йилда Ўзбекистон ва Беларус ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигига 30 йил тўлиши муносабат билан ўзбек ноширларининг экспозицияси кўргазма-ярмарканинг халқаро бўлинмасидан марказий ўринни эгаллади.