Belarusdan munosabat: yangilanayotgan Konstitusiya – erkin va farovon hayotimiz, mamlakatimizni yanada taraqqiy ettirish uchun mustahkam poydevor bo'ladi

-2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Янгиланаётган Конституция «давлат – жамият – шахс» тамойилини «шахс – жамият – давлат» тамойилига ўзгартириш, яъни инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бош қомусимиз лойиҳасига кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир – уларни камситиш учун ҳеч нарса асос бўла олмайди.
Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Жумладан, Бош қомусимизнинг II боб 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади», деб ёзиб қўйилган.
Албатта, Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, шу жумладан, Беларусда истиқомат қилаётган ватандошларимизни 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда фаол иштирок этишга, мамлакатимизнинг келажагига бефарқ бўлмасликка чақираман.