O'zbekiston-Germaniya: ishonchli, muhim va uzoq muddatli hamkorlik

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2-3 май кунлари ташриф билан Германияда бўлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дунёнинг ривожланган давлатларидан бири, жаҳон иқтисодиётининг турли тармоқлари ва соҳаларида етакчи ўринларни эгаллаб келаётган Германия Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкори ҳисобланади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-22 январь кунлари Германияга амалга оширган биринчи расмий ташрифи, шунингдек, Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йил 27-29 май кунлари Ўзбекистонга жавоб ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга кучли туртки берди.
2021 йил 12 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Канцлери Ангела Меркель ўртасида онлайн-саммит бўлиб ўтди. Унда олий даражада эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш, шунингдек, жорий халқаро ҳамкорлик кун тартиби, глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар юзасидан фикр алмашилди.
Бугун икки давлат ўртасида серқирра ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, у савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳаларни қамраб олган. Хавфсизлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, фан ва таълим, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва сайёҳлик алмашинувини таъминлаш борасида самарали ишлар бажарилмоқда.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги глобал ва минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича конструктив ҳамкорлик БМТ, ЕХҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида амалга оширилмоқда. Расмий Тошкент ва Берлин кўплаб масалаларда, жумладан, терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафикка қарши курашиш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича бир хил ёки ўхшаш позицияга эга.
2016 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Германия Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Германия гуруҳи тузилди. 1994 йилдан бери Германия парламентида «Германия – Марказий Осиё» депутатлар гуруҳи фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон ва Германия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар икки томонлама муносабатларнинг долзарб кун тартибини муҳокама қилишнинг самарали механизми ҳисобланади.
Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт жамғармалари, Германия Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Ўзбекистондаги шерик ташкилотлар билан кўп йиллардан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фуқаролик жамияти, ҳуқуқшунослик, суд-ҳуқуқ масалалари, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишларида алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда.
Германия мамлакатимизнинг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шу мақсадда транспорт ва энергетика соҳасидаги минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Савдо ва инвестициялар соҳаларидаги кўрсаткичларни мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг юксак даражасини ёрқин далили сифатида аташ мумкин. Германия ушбу йўналишларда анъанавий тарзда мамлакатимизнинг асосий ҳамкори ҳиобланади.
Сўнгги 5 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошди. Хусусан, ўтган йил ушбу кўрсаткич 51 фоизга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Германияга экспорти эса 21 фоизга кўпайди.
Ўзбекистонда немис сармояси иштирокида 219 та компания, жумладан, 97 та якка тартибдаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон бозорида Германиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари – «Deutsche Kabel», «Knauf», «Claas», «Papenburg» ва «Falk Porsche» муҳим ўринга эга. «Siemens», «BASF», «Thissen Group», «Roland Berger», «Adidas Group» каби ўз соҳаларидаги етакчи компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Deutsche Bank», «Commerzbank» ва «Landesbank» билан молиявий соҳадаги алоқалар ривожланиб бормоқда.
2015 йилда ташкил этилган Савдо ва сармоя бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи ҳамда Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Жумладан, 2022 йил июль ойида Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида 100 дан ортиқ етакчи немис компаниялари вакиллари иштирок этди. Натижада умумий қиймати қарийб 400 миллион евролик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» қабул қилинди.
2023 йил 28 февраль куни Берлинда кенгашнинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди, унда Германиянинг 60 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этди. Йиғилиш якунлари юзасидан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.
Германиянинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши қишлоқ ва сув хўжалиги, ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва бошқа соҳаларда кўрсатилаётган молиявий ҳамда техник ёрдам ҳажмининг кўпайишида яққол намоён бўлаётир.
Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги фаоллашаётган бир шароитда фуқароларимизнинг немис тилини ўрганиш ва ушбу мамлакатда таълим олишга қизиқиши ортиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари, 19 минг нафар талаба Гёте, Шиллер ва Кант тилини ўрганмоқда. 24 та мактабда немис тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатиляпти. Улардан 6 таси, яъни Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар немис тили дипломини бериш ҳуқуқига эга. Шунингдек, 4000 дан ортиқ ўзбекистонлик аспирант ва докторантлар Германиянинг турли университетларида таҳсил олмоқда.
2022 йил 31 октябрь – 2 ноябрь кунлари Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди. Германия федерал ташқи ишлар вазири ўз ташрифи доирасида пойтахтимиздаги немис тили чуқур ўргатиладиган 60-мактабда бўлди. Ушбу мактабга 2019 йилда немис шоири ва мутафаккири Иоган Вольфганг фон Гёте номи берилган.
Таълим Ўзбекистон-Германия ўзаро ҳамкорлигининг муҳим йўналиши ҳисобланади. 2021 йил Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Янги Ўзбекистон университети ташкил этилди ва Мюнхен техника университетининг фахрий ректори, профессор Вольфганг Ҳеррманн ушбу олий таълим муассасасига ректор этиб тайинланди.
Ўзбекистонда Гёте институти, Германия Халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик институти, Хориждаги мактаблар марказий бошқармасининг ваколатхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Фаол халқ дипломатияси ва минтақалараро ҳамкорлик доирасида Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Самарали маданий-маърифий алмашинувлар, барқарор ривожланиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 6,5 мингга яқин этник немис миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Уларга ўз миллий анъаналари ва маданиятини асраб-авайлаш бўйича барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда немис миллатига мансуб фуқаролар нафақат ўзбек жамиятининг ажралмас қисми, балки икки давлатни боғловчи кўприк сифатида ҳам кўрилади.
Германиянинг экология соҳасидаги тажрибасини инобатга олган ҳолда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистонда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Орол денгизи фожеаси оқибатларига қарши курашиш мамлакатларимиз ҳамкорлигининг ажралмас қисмидир. Шу нуқтаи назардан, Германия Ташқи ишлар вазирлигининг «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасида Оролбўйи минтақасида аниқ экологик ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболли ҳисобланади.
Умуман олганда, икки томонлама муносабатларнинг бугунги ривожи Германиянинг Ўзбекистонда демократик ислоҳотларнинг янги йўналишини қўллаб-қувватлаб келаётганидан, икки томонлама муносабатлар эса сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Мухтасар айтганда, бўлажак Ўзбекистон-Германия олий даражадаги саммити мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши ва узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликнинг умумий йўналишларини биргаликда белгилаб олиш имконини бериши кутилмоқда.
”Дунё” АА