19 февраль куни Беларус телеграф агентлигида (БелТА) “Ўзбекистон-Беларус: давр синовидан ўтган шериклик” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

19 февраль куни Беларус телеграф агентлигида (БелТА) “Ўзбекистон-Беларус: давр синовидан ўтган шериклик” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Беларуснинг бир қатор вазирлик, идора ва турли ташкилотлари вакиллари иштирок этишди .
Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари, ижтимоий ривожланишнинг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, 2023 йилда мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши ва унинг жадал суратларда ўсиши, макрокўрсаткичлар тўғрисидаги маъумотлар ҳамда тарқатма материаллар иштирокчилар эътиборига тақдим этилди.
Беларус Республикаси Президенти А. Лукашенконинг 7-8 февралда Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги расмий ташрифи натижалари муҳокама қилинди. Тошкентда ўтказилган музокаралар самимий руҳда, самарали ўтгани, ўзаро манфаатли келишувларга эришилганини таъкидладилар. Хусусан, давра суҳбати давомида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотни кенгайтириш бўйича икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва жараённи янада ривожлантириш истиқболи тўғрисида батафсил фикр алмашилди.
Беларуснинг турли соҳа вакиллари кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани, агросаноат комплекси, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида қўшма лойиҳалар самарали амалга оширилаётганини қайд этишди.
Бунга асосан Ўзбекистон ва Беларус давлат раҳбарлари – Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар кўп жиҳатдан туртки бўлгани алоҳида таъкидланди.
Ўз навбатида, элчихона вакили олий ташриф доирасида ўтказилган музокаралар ҳақиқатан самарали натижалар бергани, барча соҳаларда аниқ келишувларга эришилганлиги, мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши мумкинлигига эътибор қаратди.
Тадбир иштирокчилари томонидан эришилган аниқ келишувларни амалда бажариш, учинчи мамлакатлар бозорларини ўзлаштиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни кенг миқёсда кенгайтириш ҳамда топшириқларни ўз вақтида ва самарали бажариш мақсадида икки мамлакатнинг алоқадор вазирлик, идора ва ташкилотлари мунтазам равишда музокаралар олиб бориши, элчихона эса бу жараёнда беларус шерикларнинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари билан кўприк бўлиб хизмат қилишига тайёр эканлиги билдирилди.