O'zbekiston-Rossiya: strategik sheriklik va ittifoqchilik munosabatlarini yanada mustahkamlashga sodiqlik

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Президенти Владимир Путин 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг юксак даражасини яна бир бор тасдиқлайди. Чунки бу Россия раҳбарининг мамлакат Президенти этиб қайта сайланганидан кейин амалга ошираётган хорижий ташрифларининг дастлабкиларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон ва Россия стратегик шериклардир. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 20 мартда ўрнатилган. 2005 йилда икки давлат Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани, 2022 йилда эса Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган илиқ ва дўстона муносабатлар турли кўринишдаги мунтазам алоқалар ва телефон орқали мулоқотлар билан қўллаб-қувватланиб, сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва барча соҳада ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда 370 дан ортиқ ҳужжатдан иборат мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база ўзбек ва рус халқларининг тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос бўлаётир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойи бошида Россияга буюрган амалий ташрифи ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг юбилей йиғилишида кузатувчи-давлат раҳбари сифатида иштирок этгани бунинг тасдиғидир.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Россия нафақат икки томонлама асосда, балки халқаро тузилмалар – БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа глобал ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилаётганини таъкидлаш керак.
Бугун расмий Тошкент ва Москва ўртасида барча даражадаги жадал ва кенг кўламли мулоқотлар фаол давом этмоқда. Бош вазирлар даражасида қўшма комиссия, ҳукуматлараро комиссия ва унинг қуйи қўмиталари фаолият кўрсатмоқда, идоралараро ва парламентлараро ҳамкорлик, иқтисодий ва ҳудудлараро алоқалар кенгаймоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Сенати ва Федерал Мажлис Федерация Кенгаши ўртасидаги яқин алоқалар доирасида юқори палаталар раисларининг учрашувлари, жумладан, турли халқаро тадбирлар доирасида мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги самарали алмашинувлар тизимли асосда ривожланиб бораётир. ТИВ раҳбарияти мунтазам равишда икки томонлама учрашувлар ўтказмоқда, шунингдек, халқаро тадбирлар доирасида мулоқот ташкил этиляпти. Бундан ташқари, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган.
Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссия ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси фаолиятидаги конструктивлик ушбу йўналишдаги ўзаро алоқаларнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини беряпти.
Сиёсий мулоқотларнинг мунтазам аҳамият касб этаётгани иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Бу, ўз навбатида, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини жадал ўсишига, иқтисодиётнинг турли тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга, етакчи корхоналар, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўляпти.
2023 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми салкам 10 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу кўрсаткич қарийб 3,8 миллиард долларга етиб, 30 фоиздан зиёдга ўсди.
Ўзбекистонда Россия корхоналари сони ҳам ортиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда рус капитали иштирокидаги 2850 дан ортиқ корхона фаолият юритяпти. 2023 йил 4 октябрь куни Қозон шаҳрида III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди. Форум якунлари бўйича 3,5 миллиард АҚШ долларлик битим ва шартномалар имзоланди.
Пойтахтимизда ҳар йили ўтказиб келинаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси самарали майдонга айланди. Кўргазмада Россиянинг етакчи компаниялари делегацияларининг иштироки анъанавийлик касб этаётганини қайд этиш керак.
Хусусан, жорий йил 22 апрель куни бўлиб ўтган навбатдаги кўргазмада Россиянинг 25 дан ортиқ ҳудудларидан вакиллар ва 400 дан ортиқ хорижий компаниялар раҳбарлари қатнашди. Иқтисодий тадбир якунларига кўра, умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини, жумладан, 562 миллион долларлик 21 та инвестиция лойиҳасини ва бир миллиард доллардан ортиқ бўлган 231 та савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бой ва ранг-баранг маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон бугунги кунда Россия университетларининг хорижий филиаллари сони бўйича етакчи ҳисобланади.
Анъанага кўра, сўнгги беш йилдан буён икки мамлакат олий ўқув юртлари ректорлари форуми ўтказиб келинаётгани фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Мазкур шаклдаги сўнгги мулоқот 2023 йил сентябрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда юқори технологияли ишлаб чиқаришлар учун таълимни ривожлантириш ва бугунги куннинг асосий йўналишларидан бири – илғор муҳандислик мактабларини яратиш ва бошқа долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, иштирокчилар энг мураккаб муҳандислик масалаларини ҳал этишга қодир, замонавий билимларни эгаллаган жаҳон даражасидаги мутахассисларни тайёрлаш масалалари хусусида фикр алмашдилар. Конференция якунлари бўйича Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари ўртасида бир қатор муҳим битимлар имзоланди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2023 йил 6-30 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида татаристонлик мутахассислар иштирокида “Ўзбекистон-Татаристон саломатлик ойлиги” ўтказилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Тадбир доирасида россиялик онкология, гинекология, болалар хирургияси, катталар ва болалар нейрохирургияси бўйича мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларига республика аҳолисини текшириш ва ташхислашда ёрдам берди.
Ўзбекистон ва Россия дўстона муносабатларини мустаҳкамлашда спорт дипломатияси муҳим аҳамият касб этяпти. Мамлакатларимиз спортчилари ўртасида турнирлар ва мусобақалар ташкил этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон делегацияси 2024 йил 21 февраль – 3 март кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи “Келажак ўйинлари” халқаро мусобақасида муносиб иштирок этди. Бундан ташқари, “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритган боксчиларимиз 14-18 май кунлари Хабаровск шаҳрида бўлиб ўтган Константин Коротков хотира турнирида қатнашди.
Бўлажак спорт тадбирлари жадвали ҳам хилма-хил. Масалан, 2024 йилнинг 11 июнидан 24 июнига қадар Қозон шаҳрида VI БРИКС халқаро спорт ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада Ўзбекистон атлетлари спортнинг 30 та тури бўйича иштирок этади.
Икки халқнинг тарихий алоқалари ва маданий ўзаро боғлиқлиги сайёҳлик алмашинувининг ошишида муҳим аҳамият касб этаяпти. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистонга 750 мингдан ортиқ россиялик сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида бу кўрсаткич 130 мингдан ошди.
Маданият ва санъат намояндаларининг ўзаро ташрифлари ҳам фаол қўллаб-қувватланяпти. Ўзбекистон ва Россия театрларининг ижодий сафарлари, икки мамлакатнинг “Маданият кунлари” биргаликда ташкил этилмоқда. Россия ижодий жамоалари Ўзбекистонда анъанавий тарзда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, “Бахшичилик” санъати фестивали, Тошкент халқаро кинофестивали каби йирик тадбирларда фаол қатнашаётгани қувонарлидир.
Албатта, бир мақола доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасида жадал ривожланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг бутун хилма-хил кўламини қамраб олиш қийин. Бироқ, бир нарса аниқ – томонлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш тарафдори. Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва халқларимиз манфаати йўлида аввал эришилган келишувларни жадаллаштиришга кучли суръат бағишлаши шубҳасиз.