Гродно ш. ХIV Республика миллий маданиятлар фестивали

Жорий йилнинг 7-9 июнь кунлари Беларуснинг Гродно ш. XIV Республика миллий маданиятлар фестивали бўлиб ўтди ва маҳаллий диаспораларнинг вакилларини бирлаштирди. Тадбир театрлаштирилган юриш билан бошланди, бир қаторда турли миллат ва элатлар вакиллари, шу жумладан Беларусда истиқомат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз ва ўзбекистонлик талабалар анъанавий либосларда ва миллий рамзлар билан фестивалнинг очилиш маросими ўтказиладиган майдон томон йўналишди. Уларни йўлнинг икки ёқасида йиғилиб турган маҳаллий аҳоли ва анжуманга ташриф буюрган минглаб меҳмонлар олқишлашди.
Уч кун давом этган тантаналарда Гродно ш. марказий майдонида Ўзбекистон маданияти кўргазмаси намойиш этилиб, ўзбек халқининг бой тарихи, замонавий ривожланиши, бетакрор маданияти ва урф-одатлари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлардаги меъморчилик ёдгорликлари тақдимоти ўтказилди.
Анжуман қатнашчиларига Ўзбекистоннинг қадимий ва замонавий тарихи, мамлакатимиз мустақил тараққиёт йилларида эришаётган муваффақиятлар ҳақида сўзлаб берилди, республикада туризм саноатини ривожлантириш, ҳунармандчилик анъаналари, миллий урф-одатлар ва бой меросимизни асраб-авайлаш учун яратилган шарт-шароитлар қайд этилди.
Тадбирда меҳмонларга Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётига оид ахборот материаллари, буклетлар, турли босма маҳсулотлар тарқатилди.