Ўзбекистон элчиси Беларусь молия вазирининг ўринбосари билан учрашди

Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Назаров Беларусь молия вазирининг ўринбосари Александр Судник билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон-Беларусь икки томонлама алоқалари барча йўналишларда изчил мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Хусусан, сўнгги саккиз йилда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб, ўзаро савдо-сотиқ ҳажми кескин ошгани эътироф этилди.
Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Беларусь инвестицияси иштирокидаги қўшма корхоналар сони 200 тадан ортган. 70 дан ортиқ халқаро миқёсдаги шартномалар ҳамда кўп сонли келишувлар асосида ўзаро савдо айланмаси тобора ўсиб бормоқда.
Томонлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, янги бозорларни очиш ва салоҳиятли соҳаларга сармояларни жалб қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
"2024 йилда Беларуснинг ШҲТга аъзо бўлиши кенг қамровли ўзбек-беларус ҳамкорлигини жадаллашига хизмат қиляпти. Беларусь томони мавжуд салоҳият ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга ҳамда тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга тайёр", деди вазир ўринбосари.
Суҳбат якунида, томонлар ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланишга келишиб олдилар