Бадиий таржима соҳасида Огаҳий номидаги халқаро мукофот таъсис этилди

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган мазкур халқаро адабий танлов миллий адабиётимизни дунёда кенг тарғиб қилаётган, жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек тилига ўгириб, китобхонларга тақдим этаётган фидойи таржимонлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, хорижий мамлакатларда ўзбекистонлик адиблар ижодига қизиқишни янада ошириш каби хайрли мақсадларни назарда тутади.
Мазкур танловга эълон берилган санадан бошлаб ўтган беш йил давомида китоб ҳолида чоп этилган ёки босма даврий ва электрон адабий нашрларда эълон қилинган таржима асарлар қабул қилинади.
Халқаро танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади ва унга белгиланган ҳажмдан кам бўлмаган асарлар қабул қилинади:
- ўзбек адабиёти насрий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима – камида ўн босма табоқ;
- ўзбек адабиёти шеърий асарларидан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима – камида беш босма табоқ;
- ўзбек болалар адабиёти намуналаридан хорижий тилларга қилинган энг яхши таржима – камида беш босма табоқ;
- хорижий тилларда яратилган насрий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима – камида ўн босма табоқ;
- хорижий тилларда яратилган шеърий асарлардан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима – камида беш босма табоқ;
- хорижий тилларда яратилган болалар адабиёти намуналаридан ўзбек тилига қилинган энг яхши таржима – камида беш босма табоқ.
Драматургия жарнига оид таржима асарлар ушбу бандда кўрсатилган йўналишлар асосида кўриб чиқилади.
Халқаро танловга асарлар 2025 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан қабул қилинади.
Ғолибларнинг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Қўшимча маълумотларни интернетдаги ogahiymukofoti.uz сайтидан олиш мумкин.