Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон "Яшил йўлак" лойиҳаси орқали Европага "яшил" энергия экспорт қилади

Бугун дунё энергетика харитасида янги ва улкан стратегик вектор шаклланмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида йўлга қўйилган стратегик ҳамкорлик нафақат минтақавий энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга, балки глобал миқёсда "яшил" трансформацияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган тарихий қадамдир. Ушбу улкан ташаббус замирида, аввало, уч қардош давлат раҳбарларининг ўзаро ишончи, мустаҳкам дўстлиги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулияти мужассам.
Ўзбекистоннинг "яшил" тараққиёт стратегияси
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича кенг кўламли ва жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида умумий қуввати 5 582 МВт бўлган 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси ишга туширилиб, аҳоли ва мамлакат иқтисодиёти учун "яшил" энергия ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборлиси, қуёш фотоэлектр станцияларининг қуввати 3 930 МВт, шамол электр станцияларининг қуввати эса 1 652 МВтни ташкил этади. Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшимча равишда умумий қуввати 1 545 МВт бўлган 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилди. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, биргина 2025 йилда қуёш ва шамол электр станциялари 10,5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқара олди. 2026 йил бошидан 15 апрелгача бу кўрсаткич 2,5 миллиард кВт/соатдан ошди, йил охирига келиб эса уни 15 миллиард кВт/соатга етказиш режалаштирилган. 2030 йилга бориб Ўзбекистон ҳақиқий "яшил" энергетика марказига айланади: қуёш ва шамол электр станцияларининг умумий қуввати 21 ГВтга етади, мамлакатда ишлаб чиқариладиган умумий электр энергиясининг 54 фоизи айнан қайта тикланадиган манбалардан келади. Натижада йилига 18 миллиард куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 25 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Минтақавий бирдамлик: биродарларнинг стратегик танлови
Бундай юксак марраларга эришишда минтақа давлатлари, айниқса, яқин қўшни ва стратегик ҳамкор Қозоғистон билан муносабатлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари тармоқларни, хусусан, энергетикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Бу дўстона муносабатлар нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақанинг энергетика барқарорлигини кафолатлайди.
Уч давлат - Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон раҳбарларининг узоқни кўзлаган сиёсати ва дўстлиги туфайли "Яшил йўлак" лойиҳаси амалга оширилмоқда. 2024 йил май ойида ўзаро англашув меморандуми билан бошланган бу йўл ўша йилнинг ноябрь ойида Бокуда бўлиб ўтган COP-29 халқаро саммитида уч давлат президентлари томонидан имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим билан янада мустаҳкамланди. Ушбу тарихий ҳужжат нафақат энергия ишлаб чиқариш, балки уни узатишда ҳам янги даврни бошлаб берди.
"Яшил йўлак" - келажак сари амалий қадамлар
Лойиҳанинг амалий босқичлари изчил давом эттирилмоқда. 2024 йил 27 декабрда имзоланган таъсис шартномаси доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон миллий операторлари - "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ, "KEGOC" АЖ ва "Азеренержи" ОАЖ ягона мақсад йўлида бирлашди. 2025 йил бошида Тошкентда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Энергетика вазирлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар лойиҳанинг халқаро нуфузини яна бир бор тасдиқлади.
2025 йил 1 июлда Боку шаҳрида "Green Corridor Alliance" масъулияти чекланган жамиятининг ташкил этилиши лойиҳанинг институтсионал асосини яратди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун Италиянинг дунёга машҳур "CESI" компанияси жалб этилган бўлиб, Осиё тараққиёт банки билан имзоланган шартномага кўра, ушбу ҳужжат 2027 йил бошига қадар тақдим этилади. Ҳозирда уч мамлакат мутахассислари "CESI" компанияси билан биргаликда лойиҳанинг мукаммал модели (техник-иқтисодий асоси) устида ишламоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу стратегик шериклик нафақат "яшил" энергияни Европага экспорт қилиш, балки Марказий Осиё ва Каспий минтақасининг ягона, экологик тоза ва рақамли энергетика тизимига ўтишида ҳам энг муҳим таянч ҳисобланади. Ҳеч шубҳасиз, давлат раҳбарларининг дўстона иродаси ва минтақавий бирдамлик руҳи келажакда Ўзбекистонни жаҳон энергетика бозоридаги энг ишончли ва йирик иштирокчилардан бирига айлантиради.