Орол денгизининг қуриган тубида янги экотизим пайдо бўлди

XX аср бошларида Орол денгизи Ўрта Осиёдаги энг йирик кўл ҳисобланган. Шу асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб денгизнинг қуриши натижасида унинг тубида янги чўл экотизими Оролқум чўли шаклланди . Ушбу ҳудуд ҳозирги кунда Марказий Осиёдаги энг йирик антропоген чўл экотизимларидан бири ҳисобланади. Денгиз сатҳининг пасайиши натижасида 60 минг км2 дан ортиқ сувли-ботқоқ ерлар қуруқликка айланди.
Ушбу ҳудудда содир бўлган экологик ўзгаришлар нафақат иқлим ва тупроқ таркибига, балки биологик хилма-хилликка ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Натижада сув-ботқоқ экотизимларига мослашган турларнинг ареали кескин қисқарди. Шу билан бирга, Устюрт платоси ва Қизилқум чўли оралиғида шаклланган Оролқум чўли ўзига хос ва ноёб чўл экотизими сифатида қушлар жамоасининг янги таркиби шаклланишига сабаб бўлди. Шу жиҳатдан, денгизнинг қуриган тубида шаклланган чўл экотизимининг ҳолати, унинг орнитофаунаси, ушбу экотизимнинг биотоплари бўйича турларнинг тарқалиши ва уларнинг мослашиш механизмларини илмий жиҳатдан ўрганиш долзарб аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институтида АЛ-9424104883-Р1 рақамли "Оролқум орнитофаунасининг замонавий ҳолати, турларнинг экологик ўзгаришларга мослашуви ва муҳофаза чоралари" мавзусидаги амалий лойиҳа доирасида илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 94-тур доирасида эълон қилинган танлов талабларига мос деб топилди ва 2025 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда. Лойиҳанинг мақсади Оролқум чўли орнитофаунаси учун муҳим бўлган асосий ҳудудлар ва биотопларни аниқлаш, шунингдек, турларнинг хилма-хиллиги, экологик ўзгаришларга мослашуви, биологик хусусиятлари ва тарқалишини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу амалий лойиҳанинг календарь режасига мувофиқ, 2025 йил октябрь-ноябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳудудидаги Оролқумга хизмат сафари амалга оширилди. Орнитологик тадқиқотлар ArcGIS дастури ёрдамида 10 × 10 км ўлчамдаги катакларга бўлинган майдонларда амалга оширилди (3-расм). Жами 68 та ячейкада маршрут ва нуқтавий кузатувлар ўтказилди. Шундан 56 та участкада пиёдалар маршрутлари бўйича кузатувлар олиб борилди, уларнинг умумий узунлиги 140 км ни ташкил этди. Қолган 12 та ячейкада нуқтавий кузатувлар олиб борилди. Ҳудудни ўрганишга ҳужайравий ёндашув қушларнинг биотопларда тарқалиш қонуниятларини аниқлашда, уларнинг маълум бир ландшафт элементларига боғлиқлигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозиргача олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида қуриган денгиз тубида шаклланган чўл экотизими қуйидаги биотопларни ўз ичига олиши аниқланди:
Шўрхок чўллар тузларнинг юқори концентрацияси билан тавсифланади; бу ерда асосан галофит ўсимликларнинг айрим турлари ўсади.
Қумли чўллар — барханлар, шамол таъсирида ҳосил бўлган ярим мустаҳкамланган ва мустаҳкамланган қумлар бўлиб, уларда эфемерлар, кўп йиллик ўтлар, ярим буталар ва буталар учрайди.
Тошли ва шағалли чўллар Оролқум чўлининг марказий қисмидаги қадимий ороллар ва уларга туташ ҳудудларни ўз ичига олади.
Гилли чўллар Оролқум чўлининг ғарбий ва жануби-ғарбий қисмларидаги очиқ текисликлардир.
Қирлар ва чинклар Оролқум чўлининг ғарбий ва шимолий қисмларидаги қадимий қирғоқ деворлари ва уларга туташ тепаликларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, ушбу ҳудуднинг шимоли-ғарбий қисмида Орол денгизининг табиий сув ҳавзаси кўринишидаги қолдиғи сақланиб қолган, шунингдек, жанубий ҳудудларда дренаж ва коллектор сувлари ҳисобига шаклланган бир қатор сунъий сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, улар гидрофил қушлар учун сув-ботқоқлик биотоплари сифатида муҳим роль ўйнайди.Дала тадқиқотлари давомида 6 турдаги биотопларда 12 туркум, 26 оилага мансуб 91 турдаги қушларнинг кузги хилма-хиллиги, тарқалиши ва сони бўйича маълумотлар тўпланди. Қушларнинг рўйхатга олинган турларидан 13 тури - Cygnus olor, Cygnus cygnus, Phoenicopterus roseus, Falco cherrug, Haliaeetus albicilla, Aegypius monachus, Circus macrourus, Aquila nipalensis, Aquila heliaca, Aquila chrysaetos, Chlamydotis macqueenii, Limosa limosa ва Glareola нордманни Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Бундан ташқари, 9 тури International Union for Conservation of Nature Қизил рўйхатига, 17 тури Convention on International Trade in Endangered Species of Wild Fauna and Flora иловаларига, 28 тури Convention on the Conservation of Migratory Species of Wild Animals иловаларига киритилган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Оролқум чўлининг орнитофаунаси энг хилма-хил бўлган ҳудудлари Устюрт платосининг шарқий қисмига туташган ва чинкларга параллел равишда шаклланган қумли чўл биотопларига тўғри келади. Ушбу биотоп чўл ва дашт экотизимлари чегарасида шаклланган бўлиб, хилма-хил ўсимликлар қоплами ҳамда турли экологик гуруҳларга мансуб қушлар учун қулай яшаш шароитлари билан тавсифланади.
Шунингдек, куз мавсумида тепаликлар ва чинклар кўплаб турлар учун қулай яшаш жойи сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги аниқланди. Тошли ва шағалли чўлларда, шунингдек, қумли чўлларнинг қолган қисмларида арид шароитларда яшашга юқори даражада ихтисослашган турлар мавжудлиги қайд этилган бўлса, шўрхок ва гилли чўлларда турлар хилма-хиллиги минимал даражада.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Орол денгизининг табиий кўл ҳолатида сақланиб қолган қолдиқларининг сув-сув атрофидаги қушлар учун аҳамияти нисбатан паст, аксинча, жанубий ҳудудлардаги сунъий сув ҳавзалари гидрофил қушлар учун муҳим сув-ботқоқ яшаш муҳити вазифасини бажаради.
Орол денгизининг қуриган тубида шаклланган Оролқум чўли қисқа тарихий давр ичида ўзига хос янги чўл экотизими сифатида вужудга келди. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ушбу ҳудудда турли биотоплар шаклланган бўлиб, улар қушларнинг тарқалиши ва хилма-хиллигига бевосита таъсир кўрсатади. Орнитофаунанинг энг кўп хилма-хиллиги қумли чўл биотопларида қайд этилган, шўрхок ва гилли ҳудудларда эса бу кўрсаткич паст бўлган.
шўрхок ва гилли туманларда бу кўрсаткич паст бўлди. Тадқиқот натижалари Оролқум ҳудудида қушларнинг асосий яшаш жойларини аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилади.
ЎзР ФА Зоология институти