ЎЗБЕКИСТОН ВА БМТ: МИЛЛИЙ ТАШАББУСЛАРДАН ГЛОБАЛ КУН ТАРТИБИГА

БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги босқичини намоён этди. Нью-Йоркда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар мамлакатдаги ислоҳотлар, Марказий Осиёда шаклланган янги ҳамкорлик муҳити ҳамда глобал муаммоларга ечим излаш ўртасида тобора мустаҳкам боғлиқлик юзага келаётганини кўрсатди. Энг муҳими, Ўзбекистон халқаро кун тартибига фақат муносабат билдириш билан чекланмай, унинг янги йўналишларини шакллантиришга қаратилган таклифларни илгари сурмоқда.
Бугун халқаро муносабатлар тизими жиддий синовларни бошдан кечирмоқда. Қуролли можаролар давом этяпти, геосиёсий зиддиятлар кучаймоқда, давлатлар ўртасидаги ишонч заифлашмоқда. Иқлим ўзгариши, демографик силжишлар, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, технологик тенгсизлик ҳамда сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши эса бир давлат доирасида ҳал этиб бўлмайдиган муаммоларга айланди.
Ана шундай шароитда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида Ўзбекистон билдирган позициянинг марказига инсон қадр-қиммати, тинчлик ва ҳамкорлик ғоялари қўйилди.
23 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бош Ассамблеянинг умумий сиёсий мунозараларида Ўзбекистон номидан нутқ сўзлади. Унинг расмий нутқида мамлакат танлаган йўл учта тушунча билан ифодаланди: очиқлик, қўшнилар билан яхши муносабатлар ва дунё билан мулоқот.
Бу, аввало, Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги ички ва ташқи сиёсати ўртасидаги мантиқий боғлиқликни кўрсатади. Мамлакат ичида инсон қадри ислоҳотларнинг бош мезони сифатида белгиланган бўлса, халқаро майдонда ҳам тинчлик, тараққиёт ва инсон қадр-қиммати бир-биридан ажралмас ягона вазифа сифатида талқин этилмоқда.
Куч мезони — инсон қадри
Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан билдирган принципиал позицияларидан бири давлат қудратига муносабатда намоён бўлди.
Давлатнинг ҳақиқий кучи фақат унинг ҳарбий ёки иқтисодий имкониятлари билан эмас, аввало инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини қай даражада ҳимоя қила олиши билан белгиланиши таъкидланди.
Бу ёндашув халқаро муносабатларда ҳам муҳим мазмун касб этади. Чунки глобал муаммоларга ечим излашда иқтисодий ўсиш ёки хавфсизликнинг ўзи етарли эмас. Қабул қилинаётган ҳар бир қарорнинг инсон ҳаёти ва келажагига таъсири асосий мезон бўлиши лозим.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон БМТнинг ролига ҳам янгича талаб қўймоқда: можаро бошланганидан кейингина уни муҳокама қиладиган эмас, балки унинг олдини олишга қодир; фақат қарор қабул қиладиган эмас, уни амалга ошириш имкониятига эга; барча давлатларнинг овози эшитиладиган ташкилот зарур.
Ўзбекистон БМТ Бош котибининг ташкилотни замонавий талабларга мослаштиришга қаратилган «UN80» ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибини бугунги реалликларни ҳисобга олган ҳолда кенгайтириш тарафдори эканини билдирди.
Бу фикрлар бугун БМТнинг ўзида кечаётган мунозаралар билан ҳамоҳанг. Глобал кучлар нисбати ўзгариб бораётган бир пайтда кўп томонлама институтларнинг вакиллик даражаси, самарадорлиги ва қарорларни амалга ошириш имкониятларини ошириш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Янги дипломатик масъулият
Нью-Йоркда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг келгуси босқичига дахлдор яна икки муҳим позиция билдирилди.
2027 йилда Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. Расмий нутқда бу вазифа халқаро зиддиятлар кучайган шароитда янги мулоқот майдонларини яратиш масъулияти сифатида қабул қилиниши таъкидланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон 2035–2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нодоимий аъзолигига ўз номзодини илгари сурганини эълон қилди.
Бу ташаббуслар мамлакат ташқи сиёсатининг вазифалари ҳам кенгайиб бораётганидан далолат беради. Энди гап фақат миллий манфаатларни халқаро майдонда илгари суриш ҳақида эмас. Ўзбекистон мулоқот платформаларини шакллантириш ва кўп томонлама институтлар доирасида каттароқ масъулиятни зиммасига олишга тайёрлигини билдирмоқда.
Марказий Осиё — ҳамкорлик модели
Ўзбекистоннинг БМТдаги бугунги позициясини Марказий Осиёда сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлардан ажратиб бўлмайди.
Яқин ўтмишда минтақа ҳал этилмаган чегара масалалари, сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишмовчиликлар ва турли зиддиятлар билан тилга олинар эди. Саида Мирзиёева БМТ минбаридан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақадаги вазият ва муҳит тубдан ўзгарганини қайд этди.
Энг муҳим ўзгариш — қўшни давлатларни хавф манбаи эмас, шерик сифатида кўриш тамойилининг қарор топганидир.
Шу маънода Марказий Осиё тажрибаси Ўзбекистоннинг глобал мулоқотга таклиф этаётган амалий модели сифатида ҳам аҳамиятли. Ишончни тиклаш, мураккаб масалаларни музокара орқали ҳал қилиш ва умумий манфаатларни зиддиятлардан устун қўйиш минтақада ўз самарасини кўрсатаётган ёндашувдир.
Афғонистон: яккалатиш эмас, жалб этиш
Афғонистон масаласи ҳам шу мантиқнинг давомидир.
Ўзбекистон Афғонистонни фақат хавф манбаи сифатида кўриш муаммони ҳал қилмаслигини таъкидлади. Кўп миллатли афғон халқини ўз муаммолари билан ёлғиз қолдириш ҳам ечим эмас. Унга тинч ҳаётга эришиш учун умид ва ишонч бериш зарур.
Бу ёндашув Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш, транспорт ва энергетика лойиҳалари орқали барқарорликнинг иқтисодий асосларини яратиш борасида Ўзбекистон илгари суриб келаётган позициянинг мантиқий давомидир.
Миллий ислоҳотлар — ташқи сиёсатнинг таянчи
БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан Ўзбекистондаги сўнгги ўн йиллик ўзгаришларга ҳам эътибор қаратилди.
Расмий нутқда мамлакат иқтисодиёти 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етгани, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилингани ва экспорт қарийб уч баробар кўпайгани айтилди. Камбағаллик даражаси 4 фоизга тушгани, қарийб 10 миллион киши камбағалликдан чиқарилгани қайд этилди.
Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови 9 фоиздан қарийб 50 фоизга етгани, ўртача умр кўриш давомийлиги 66 ёшдан 75 ёшдан юқорига кўтарилгани, оналар ва гўдаклар ўлими эса тўрт баробар камайгани таъкидланди.
Бу рақамларнинг аҳамияти уларнинг ўзидагина эмас. Улар Ўзбекистон халқаро майдонда илгари сураётган ғояларнинг ички таянчини кўрсатади. Яъни инсон капитали, таълим, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя миллий тараққиёт билан бир қаторда глобал Барқарор ривожланиш мақсадларининг ҳам ажралмас қисмидир.
Демографик барқарорлик — янги кун тартиби
81-сессия доирасида Ўзбекистон илгари сураётган энг долзарб янги йўналишлардан бири демографик барқарорлик масаласи бўлди.
Саида Мирзиёева Бош Ассамблеядаги нутқида бола давлатнинг энг катта масъулияти эканини таъкидлади. Соғлом туғилиш ва сифатли таълим фақат бир инсон эмас, бутун жамият келажагини белгилаши қайд этилди.
Бу фикр 24 сентябрь куни Нью-Йоркда амалий давомини топди.
Ўзбекистон Ҳукумати ва БМТ Аҳолишунослик жамғармаси — UNFPA ҳамкорлигида «Демографик барқарорлик ва инсон капитали: барқарор келажак учун инсонга йўналтирилган ислоҳотларга инвестиция» мавзусида юқори даражадаги тадбир ўтказилди.
Ушбу мулоқотнинг концептуал аҳамияти шундаки, демографик жараёнларга муносабатни «демографик хавотир»дан «демографик барқарорлик» ёндашувига ўтказиш масаласи илгари сурилди.
Дунё аҳолисининг сони, ёш таркиби ва ҳудудий жойлашувидаги ўзгаришлар иқтисодий ўсиш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, меҳнат бозори, инфратузилма ва давлат молиясига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли ишончли демографик маълумотлар асосида келажак эҳтиёжларини олдиндан прогноз қилиш давлат сиёсатининг муҳим шартига айланмоқда.
Яна бир принципиал жиҳат — аҳоли сиёсатида инсон ҳуқуқлари ва шахсий танлов марказда қолиши кераклиги таъкидланмоқда. Аҳоли сони камайиши ёки жамиятнинг қариши билан боғлиқ хавотирлар мажбурловчи ёки фақат миқдорий кўрсаткичларга йўналтирилган сиёсатга олиб келмаслиги зарур.
Гендер тенгсизлигини қисқартириш, оила ва меҳнат фаолиятини уйғунлаштиришга хизмат қиладиган шароитларни кенгайтириш, болалар парвариши имкониятларини яхшилаш ҳам демографик барқарорликнинг муҳим шартлари сифатида қаралмоқда.
Тадбир давлатлар, халқаро молия институтлари ва БМТ тизими ўртасида демографик ўзгаришларга мослашиш бўйича сиёсий ечимларни алмашиш, молиявий ҳамкорлик ва шерикликни мустаҳкамлаш учун платформа бўлди.
Бу Ўзбекистон учун ҳам стратегик масала. Ёш ва ўсиб бораётган аҳоли катта имконият, аммо у автоматик равишда иқтисодий устунликка айланмайди. Бунинг учун сифатли таълим, замонавий касблар, соғлиқни сақлаш, муносиб иш ўринлари, гендер тенглиги ва самарали ижтимоий ҳимоя тизими зарур.
Шу нуқтаи назардан демографик барқарорлик масаласининг БМТ даражасида кўтарилиши Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш эҳтиёжларини глобал муҳокама билан боғлаётган янги йўналишлардан биридир.
Оролбўйи: фожиа рамзидан ечимлар майдонига
Ўзбекистон БМТ минбаридан Орол муаммосига ҳам янгича қарашни таклиф қилди.
Орол денгизи табиий офат сабабли эмас, ўнлаб йиллар давомидаги нотўғри қарорлар ва табиатга нисбатан масъулиятсиз муносабат оқибатида қуриб боргани таъкидланди.
Бугун қуриб қолган денгиз тубида яшил ҳудудлар яратилмоқда, сув тежовчи замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Ўзбекистон 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилган.
Бироқ БМТ минбаридан билдирилган энг муҳим концептуал фикр — Орол фақат экологик фожиа рамзи бўлиб қолмаслиги, балки экологик ечимларни синовдан ўтказиш майдонига айланиши керак, деган ёндашувдир.
Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2027–2036 йилларни ўрмонзорлаштириш ва қайта ўрмонлаштириш бўйича БМТ ўн йиллиги деб эълон қилди. Энди асосий вазифа ушбу халқаро қарорни амалий натижалар билан мустаҳкамлашдан иборат.
Бу ҳам Ўзбекистон дипломатиясидаги муҳим тенденцияни кўрсатади: миллий ёки минтақавий муаммони шунчаки халқаро майдонга олиб чиқиш эмас, балки уни глобал ечимларни синовдан ўтказиш ва тажриба алмашиш платформасига айлантириш.
Сунъий интеллект ва инсон қадр-қиммати
Бош Ассамблея минбаридан Ўзбекистон технологик тараққиётнинг яна бир муҳим масаласини — сунъий интеллектни ҳам кўтарди.
Асосий савол принципиал тарзда қўйилди: технология инсонга хизмат қиладими ёки инсон технологияга мослашишга мажбур бўладими?
Ўзбекистон позициясига кўра, технологик тараққиёт марказида инсон ва унинг тақдири туриши шарт. Сунъий интеллект инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик, тенг имкониятлар ва жавобгарлик тамойилларидан ажралмаслиги лозим.
Шу муносабат билан Ўзбекистон ушбу масалада халқаро мулоқотни кучайтириш тарафдори эканини билдирди.
Бугун сунъий интеллектни бошқариш масаласи технологиянинг ўзидан анча кенг тушунчага айланди. У инсон ҳуқуқлари, таълим, меҳнат бозори, хавфсизлик ва глобал тенгликка бевосита дахл қилмоқда. Шу сабабли бу йўналиш Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги келгуси ташаббуслари учун ҳам муҳим майдон бўлиши мумкин.
Қонун устуворлиги ва тенг имкониятлар
Нутқда қонун устуворлиги, судга ишонч ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди.
Ўзбекистонда болалар меҳнати ва тизимли мажбурий меҳнат бартараф этилгани, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилгани, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашнинг алоҳида тизими яратилгани қайд этилди. Бугун парламент аъзоларининг 39 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам БМТ минбаридан келтирилди.
Шу тариқа иқтисодий тараққиёт, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари бир-биридан ажралмас жараёнлар сифатида талқин қилинди.
Маърифат ва бағрикенглик
Бугун ахборот технологиялари жамиятларни бир-бирига яқинлаштириши билан бирга, нафрат ва стереотипларни ҳам мисли кўрилмаган тезликда тарқатиш имконини бермоқда.
Шу нуқтаи назардан Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази фақат тарихий меросни намойиш этадиган маскан эмас, балки билим, тафаккур ва маърифат уйи сифатида тақдим этилди.
Ўзбекистон маданиятлар ва динлар ўртасидаги мулоқот, маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро ҳамкорликни давом эттиришини билдирди.
Бу ёндашув ҳам хавфсизлик тушунчасининг мазмуни кенгайиб бораётганини кўрсатади. Замонавий дунёда хавфсизлик фақат ҳарбий воситалар билан эмас, балки таълим, маданият, ўзаро ҳурмат ва жамиятларнинг турли ғояларга нисбатан барқарорлиги билан ҳам таъминланади.
Ўзбекистон – БМТ: мулоқотдан тизимли шерикликка
Бош Ассамблеянинг 81-сессияси доирасида Ўзбекистон делегациясининг учрашувлари ҳам кўп томонлама ҳамкорликнинг амалий давоми бўлди.
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан мулоқот қилди. Томонлар Ўзбекистон ва БМТ биргаликда ривожлантираётган асосий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилдилар.
Бундай мулоқотнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистон–БМТ муносабатлари энди алоҳида резолюциялар ёки тадбирлар доираси билан чекланиб қолмаяпти. Барқарор ривожланиш, инсон капитали, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий хавфсизлик ва технологик тараққиёт ягона ҳамкорлик кун тартибига бирлашмоқда.
Нью-Йоркдаги учрашувлар, Бош Ассамблея минбаридан билдирилган ташаббуслар ва 24 сентябрдаги демографик барқарорлик бўйича юқори даражадаги мулоқот бир-биридан алоҳида воқеалар эмас. Улар Ўзбекистоннинг кўп томонлама дипломатиясида шаклланаётган ягона ёндашувнинг таркибий қисмларидир.
Ташаббусдан натижага
Эндиликда энг муҳим вазифа халқаро ташаббуслар сонини кўпайтиришнинг ўзи эмас, балки уларни амалий натижага айлантиришдир.
Марказий Осиё бўйича сиёсий мулоқот савдо, транспорт, сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириши; Оролбўйи бўйича қарорлар аҳоли ҳаёт сифати ва экологик барқарорликда ўз аксини топиши; демографик барқарорлик бўйича янги ёндашувлар таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимояни узоқ муддатли режалаштиришга хизмат қилиши зарур.
Сунъий интеллект бўйича илгари сурилган принциплар эса технологик тараққиёт билан инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлайдиган амалий механизмларга айланиши лозим.
Айнан шу нуқтада «миллий ташаббуслардан глобал кун тартибига» деган формула ўзининг тўлиқ мазмунини касб этади.
Миллий тажриба халқаро ташаббусга, ташаббус кўп томонлама қарорга, қарор эса инсон ҳаётини яхшилайдиган амалий натижага айланиши керак.
БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида Ўзбекистон билдирган позициянинг асосий мазмуни ҳам шунда.
Бугун глобал муаммолар олдида ҳеч бир давлат якка ҳолда самарали ечим топа олмайди. Шу сабабли кўп томонлама ҳамкорлик Ўзбекистон учун ташқи сиёсатнинг шунчаки бир йўналиши эмас, балки миллий тараққиёт, минтақавий барқарорлик ва глобал масъулиятни ўзаро боғловчи механизмга айланмоқда.
Ўзбекистон танлаган йўл — очиқлик, яхши қўшничилик ва мулоқот.
Бу йўлнинг марказида эса инсон қадр-қиммати туради.
Жаҳонгир ИСАЕВ,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи